Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг (UNFPA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Нигина Абасзаде билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон ва UNFPA ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, жамғарма кўмагида мамлакатда амалга оширилаётган лойиҳа ва тадбирлар билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилган.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режаларини ишлаб чиқишда бугунги демографик жараёнларни ҳисобга олиш, 2025–2026 йилларда аҳолини рўйхатга олиш бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинган.
Бундан ташқари, замонавий технологияларни қўллаш асосида аҳоли соғлиғини сақлаш, репродуктив саломатликни яхшилаш ва кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳалар самарадорлигига эришиш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилган.
Шу билан бирга, республикада зўравонликка қарши курашиш бўйича қабул қилинган қонунларни ҳаётга татбиқ қилишда илғор тажрибалардан самарали фойдаланиш масаласида фикр алмашилган, бу борада ҳамкорликда алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши белгилаб олинган.
Президентнинг 2019 йил 5 февралдаги фармонига мувофиқ, республикада аҳолини рўйхатга олиш тадбирини 2022 йилда ўтказиш белгиланган эди. 2020 йил 16 мартда “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 2020 йилда бошланган коронавирус пандемияси сабабли ушбу тадбирни ўтказиш 2023 йилга кўчирилганди. Аммо 2023 йилда ҳам Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш яна кечиктирилди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда мустақиллик йилларида мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаганини айтганди.
Изоҳ (0)