Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг China Tianying компанияси директори Ван Кун бошчилигидаги компания вакилларини ва маҳаллий ҳамкорларини қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Фарғонада водий вилоятларига хизмат кўрсатувчи йирик чиқиндини қайта ишлаш мажмуаси барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.
China Tianying томонидан ишлаб чиқарилган экологик тоза технологияларни татбиқ этган ҳолда барпо этиш кўзда тутилган мажмуанинг лойиҳа қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 600 млн доллар атрофида бўлиши белгиланган.
Фарғона вилоятида кунлик йиғиладиган 3 минг тоннадан зиёд чиқиндини, шунингдек, қўшни вилоятларнинг ҳам чиқиндиларини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси, ўғит ҳамда қурилиш блоклари ишлаб чиқарилади.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун тегишли вазирликлар мутасаддилари иштирокида ишчи гуруҳ ташкил этишга ҳамда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишга, мавжуд чиқиндиларнинг морфологик таркиби таҳлилини амалга оширишга келишиб олинди. Ушбу жараёндан сўнг ишлаб чиқариладиган энергияни сотиб олиш нархи бўйича музокаралар ўтказилиши белгиланди.
Изоҳ (0)