Crocus City Hall’даги теракт оқибатида оиласи жабрланган юз нафар бола Россиядан Ўзбекистонга таътилга келди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” ахборот канали хабар берди.
Унга кўра, Ўзбекистон томони болалар учун икки ҳафталик тадбирлар дастурини тайёрлаган. Келганлар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олади, спорт мусобақаларида, таниқли спортчилар билан маҳорат сабоқларида қатнашади, расм, рақс, театр ва мусиқа тўгаракларида таҳсил олади. Уларнинг ихтиёрида компьютер лабораторияси ва кутубхона ҳам бўлади.
Crocus City Hall’даги терактдан жабр кўрган оилаларнинг болаларини бепул дам олишга олиб бориш ва уларга Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини кўрсатиш ташаббуси Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан кўтарилгани маълум қилинди. Ташкилот болаларнинг парвоз ва байрамни ташкил этиш харажатларини қоплаб берган.
Маълумот ўрнида, 22 март куни кечки пайт Москва вилоятининг Красногорск шаҳридаги Crocus City Hall мажмуасида теракт содир этилди. Россия Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони 145 нафарни ташкил этган. 550 дан ортиқ фуқаро яраланган.
Изоҳ (0)