“Рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди, жумладан:
- рақамли криминалистика соҳасида инновацион тадқиқотлар олиб бориш, катта ҳажмдаги маълумотлар (Big Data), сунъий интеллект ва бошқа илғор технологияларни таҳлил қилиб, амалиётга жорий этиш;
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жиноятларнинг рақамли изларини аниқлаш, олиб қўйиш, сақлаш ва тадқиқ қилиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларини ўтказишда рақамли криминалистика жиҳатидан амалий ёрдам бериш;
- рақамли экспертизанинг замонавий технологиялари ва воситаларини жорий этиш.
Академиянинг Рақамли криминалистика илмий-услубий маркази негизида Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институти (институт) ташкил этилади. 2024 йил 1 августдан институтга рақамли криминалистика бўйича суд экспертизалари ва тадқиқотларни ўтказиш ҳуқуқи берилади.
Институт суд-экспертлик фаолияти қамровини кенгайтириш мақсадида 2024 йил якунигача катта ҳажмдаги маълумотлар (Big Data) экспертизаси ўтказилишини йўлга қўяди. “Рақамли далиллар ягона реестри” идоралараро автоматлаштирилган тизимининг синов версияси 2025 йил 1 мартгача, 2025 йил 1 августгача тўлиқ версияси жорий этилади.
Изоҳ (0)