Ижтимоий тармоқларда “Ҳисорак” сув омбори билан боғлиқ ҳолат ҳақида ёлғон хабарлар тарқатган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 10 июнь куни Шаҳрисабз туманидаги “Ҳисорак” сув омбори ҳақида интернетда баъзи фуқаролар ёлғон ахборот тарқатиб, одамларнинг тинчини бузиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Мазкур ҳолат бўйича Шаҳрисабз туманида яшовчи Д.У., Н.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 244 прим 6-моддаси (ёлғон хабар тарқатиш) 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Кеча, 10 июнь куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида жойлашган “Ҳисорак ГЭС” УК бошқармасига қарашли “Ҳисорак” сув омбори тўғонининг чап тарафидан қўшимча туннел очиш мақсадида олиб борилаётган муҳандислик техник тадбирлари вақтида сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилганди.
Бу аҳоли орасида ваҳимани келтириб чиқаргани учун туман ҳокими ҳамда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи аҳолига видеомурожаат қилиб, ваҳимага ўрин йўқлигини маълум қилди.
Изоҳ (0)