Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов бошқа ишга ўтгани сабаб эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилганди.
Бош вазир матбуот котибининг маълум қилишича, Фирдавс Абдухолиқов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори этиб тайинланди. Шу муносабат билан Шоазим Шоисламович Миноваров ушбу лавозимдан озод қилинди.
Шоазим Миноваров 2017 йил 17 июлдан ҳозиргача Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази директори лавозимида ишлаб келаётган эди.
2020 йили 100 дан ортиқ киноижодкор Фирдавс Абдухолиқов устидан бош вазир Абдулла Ариповга шикоят қилган эди. Мурожаатчилар Фирдавс Абдухолиқов кинематография соҳасини ривожланиш бўйича комплекс ёндашув ва консептуал қарорларни қабул қилиш ўрнига соҳани ривожлантиришга мутлақо алоқадор бўлмаган фаолият билан шуғулланиб келаётгани, кўп йиллик тажрибага эга ходимларни четлатиб, уларнинг ўрнига кино соҳасидан йироқ бўлган, унинг ўзигагина қарашли одамларни бошқарма ва бўлимлар раҳбарлигига тайинлаш амалиёти йўлга қўйилганини таъкидлаганди.
Фирдавс Абдухолиқов 1992—1995 йилларда Ўзбекистондаги дастлабки хусусий телеканаллардан бири — “STV” ва илк нодавлат газеталардан бири — “Даракчи”га асос солган. У узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига раҳбарлик қилган.
Абдухолиқов 2019 йил сентябрида ўша вақтдаги “Ўзбеккино”га раҳбар этиб тайинланган эди.
Изоҳ (0)