“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунга дори моддаларини (субстанцияларни) давлат рўйхатидан ўтказиш тартибининг бекор қилинишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Шу билан бирга, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларга дори воситаларини рецепт билан ва рецептсиз бериладиган дори воситалари тоифасига киритиш тартибини тасдиқлаш ваколати Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юкланди.
Шунингдек, рецептсиз ёки шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари тўғрисидаги ахборотни уларнинг тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаларда ҳамда Тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестрида кўрсатиш талаби жорий этилди.
Бундан ташқари, импорт ўрнини босувчи кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш мақсадида “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонунга юридик шахсларга IV рўйхат доирасида Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган айрим прекурсорларни тегишли лицензияларга асосан ишлаб чиқариш ва тайёрлаш ҳуқуқи берилди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Аввалроқ Ўзбекистонда фармацевтика тармоғида нархни камида 20 фоизга арзонлаштириш мумкинлиги айтилган эди.
Изоҳ (0)