Марказий Африка Республикаси махсус жиноий суди мамлакатнинг собиқ президенти Франсуа Бозизени ҳибсга олишга халқаро ордер берди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Бозизенинг инсониятга қарши жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда. Унинг гвардияси 2009–2013 йиллар оралиғида Босембел шаҳридаги қамоқхона ва ҳарбий ўқув марказида ушбу жиноятларни содир этган бўлиши мумкин. Суд баёнотида айтилишича, Бозизега қарши унинг “жиноий жавобгарлигини” тасдиқловчи “жиддий ва изчил далиллар” мавжуд.
Махсус жиноий суд Марказий Африка Республикаси ва халқаро судьялардан иборат. Уларнинг вазифаларига 2003 йилда Бозизе давлат тўнтариши натижасида ҳокимият тепасига келганидан бери МАРда содир этилган ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларни тергов қилиш ва судга тортиш киради.
У “Селека” мусулмонлар гуруҳи томонидан ағдарилганига қадар, яъни 2013 йилгача президент сифатида фаолият юритган. 2023 йилнинг мартигача 77 ёшли собиқ президент Чадда сургунда яшаб, кейинчалик у ердан Гвинея-Бисауга жўнаб кетган.
Изоҳ (0)