Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги боғда 1500 га яқин дарахтлар ёниб кетгани айтилмоқда. Бу ҳақда Telegram’даги “Эколог.uz” канали ёзди.
Хабарда мурожаатчи ушбу ҳолат юзасидан жиноий ва маъмурий иш очилмаётганидан норози бўлиб, тегишли ташкилотлардан эътибор қаратишни сўраган.
Кейинроқ Тошкент вилояти Экология бошқармаси Оҳангарон туман бўлими вазиятни жойига чиқиб ўргангани маълум бўлди. Унда мурожаатда таъкидланган ҳудуд Оҳангарон тумани “Ўзбекистон” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтган Оҳангарон дарёси муҳофаза минтақаси экани, ҳудудда номаълум шахс томонидан ўт ёқиб юборилгани аниқланган.
Ҳудуддаги мавжуд мевали ва манзарали дарахтлар ёниб кетиши оқибатида табиатга зарар етказилган. Бу билан “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари талаблари бузилган, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида инспекторлар томонидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев март ойи бошида дарахтларга шикаст етказиш, жумладан, ноқонуний кесиш, илдизи билан қўпориш, шикастлаш, йўқ қилиш ёки кўчириб ўтказиш учун жарима миқдорини 5 баробарга оширувчи қонунни имзолаганди. Ўзгартишларга кўра, дарахт, бута, бошқа ўсимлик ва ёш ниҳолларга зарар етказганлик учун фуқароларга — БҲМнинг 25−50 баравари (8,5-17 млн сўм), мансабдор шахсларга — 50−75 баравари (17-25,5 млн сўм) миқдорида жарима тайинланади.
Изоҳ (0)