АҚШ президенти Жо Байден администрацияси хусусий компаниялар ва фуқароларга “Касперский лабораторияси” томонидан яратилган дастурий таъминотдан фойдаланишни тақиқламоқчи. Бу ҳақда беш нафар америкалик расмийга таяниб, CNN хабар берди.
АҚШ Ички хавфсизлик департаменти 2017 йилда компаниянинг Россия разведкаси билан алоқаси борлигини гумон қилиб, федерал органларга “Касперский лабораторияси” маҳсулотларидан фойдаланишни тақиқлаган. Бироқ бу чора жисмоний шахслар ва компанияларга тааллуқли эмасди. Янги тақиқ АҚШ Савдо вазирлиги томонидан чиқарилиши кутилмоқда.
CNN манбаларига кўра, “Касперский лабораторияси” дастурларини тақиқлаш буйруғини ишлаб чиқиш якунланмоқда. Қарор апрель ойида эълон қилиниши мумкин.
Айрим “Касперский лабораторияси” маҳсулотлари ва хизматлари энди АҚШда ишламаслиги мумкин.
“Тақиқ антивирус дастурларига ҳам қўлланиши мумкин. Шу тариқа Оқ уй АҚШнинг муҳим инфратузилмаси учун хавфларни камайтириш ниятида”, — деб ёзади CNN.
АҚШ расмийлари Россия ҳукумати “Касперский лабораторияси” маълумотларидан Америка компаниялари ва фуқаролари ортидан жосуслик қилиш учун фойдаланиши мумкин, деб ҳисоблайди. Компания 2017 йилда АҚШнинг тақиқидан ҳафсаласи пир бўлганини, чунки расмийлар Россия разведка хизматларига алоқадорлиги тўғрисида далиллар келтирмагани ва айбловлар асосланмаганини айтган.
Изоҳ (0)