Туркияда ИШИД номидан теракт уюштиришда гумонланиб, Қирғизистон ва Тожикистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Hurriyet нашри хабар берди.
Айбланувчилар 37 ёшли Фозилжон А. (Тожикистон фуқароси) ва 41 ёшли Зулфия С. (Қирғизистон фуқароси) ҳисобланади. Аёл Туркиядан депортация қилинган. Тинтув давомида гумонланувчилардан жандармерия кийими, полиция жилети ва фурашка, автомобиль рацияси, шунингдек, йўриқномаси бўлган электрон материаллар топилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, терактга тайёргарлик кўрилган.
Хавфсизлик кучлари Фозилжоннинг ИШИД аъзоси экани ва террорчилар орасида “Абу Исмоил” тахаллуси билан танилганини ҳам аниқлади. Разведка хизматлари унга режалаштирилган терактнинг ташкилотчиси ва координатори ролини юкламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ИШИД террорчилик гуруҳига аъзоликда гумон қилинган 51 киши қўлга олинганди. Тинтувлар чоғида террорчилик гуруҳларига тегишли кўплаб ҳужжатлар мусодара қилинган. Шунга ўхшаш операциялар Туркияда мунтазам равишда амалга оширилади.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.
Изоҳ (0)