Тошкент вилояти, Бектемир туманида яшовчи 19 ёшли Б.А. ички ишлар органига мурожаат қилиб, банк картасидан 450 минг сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини маълум қилган. Бу ҳақда Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Сурхондарё вилояти, Узун туманида яшовчи 19 ёшли Э.Б. содир этгани аниқланган.
Гумонланувчи сифатида тергов ҳаракатларига жалб этилган Э.Б., жабрланувчи Б.А. билан Telegram’да танишиб, PUBG аккаунтини сотиши ҳақида айтиб уни алдаб, ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига 450 минг сўм миқдоридаги пул маблағларини ўтказиб олган ва ёзишмаларни ўчириб юбориб, пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди (фирибгарлик ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, Э.Б.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)