Франция 2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари хавфсизлигини таъминлаш учун 46 давлатдан ёрдам сўради. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Мурожаатда ушбу давлатлардан 2000 дан ортиқ ҳуқуқ-тартибот ходимларини тақдим этиш сўралган. Ҳозиргача 35 давлат ижобий жавоб бергани айтилмоқда.
“Бу йирик халқаро тадбирларни ўтказишга мезбон мамлакатларнинг классик ёндашувидир”, — деди Франция Ички ишлар вазирлиги.
Манбага кўра, мунтазам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ташқари, Франция Мудофаа вазирлиги хорижий давлатлардан ўйинларда “жуда аниқ” вазифаларни бажаришда ёрдам бера оладиган “аниқ сонли” ҳарбий хизматчиларни, жумладан, итлар жамоасини сўраган.
Франция тадбирда ҳимояни кучайтириш учун ҳар куни тахминан 45 минг полиция ва хавфсизлик кучларини, 20 минг хусусий қўриқчи ва 15 мингга яқин ҳарбийни жойлаштиришни режалаштирмоқда.
Reuters агентлиги Франция ҳукуматидаги манбага таяниб, айни дамда 35 давлат ёрдам беришга тайёрлигини билдирганини хабар қилмоқда. Мазкур сўровлардан ташқари, Исроил ва АҚШ ўз хавфсизлик кучларини ҳам жўнатади.
2024 йилда Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинлари Францияда ўтказиладиган энг йирик тадбирга айланади. Ўйинларни дунё аҳолисининг ярмидан кўпи томоша қилади. Мусобақада 22 та шаҳар иштирок этади.
Изоҳ (0)