Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманидаги қабристонда маст ҳолатда қабртошларни синдириб ташлаган шахс жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда “Миллар” информацион дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, 29 ёшли эркак қабртошларни синдириб, атрофга улоқтирган. Қабрларни устидаги темирларни титиб ташлаган. Унинг отаси айнан ўша қабристонга дафн этилгани учун фуқаро бу ҳолатни содир қилгани айтилмоқда. Ҳозирда 9 та қабр фуқаронинг уйдагилари томонидан тиклаб берилган.
Ушбу ҳолат юзасидан суд иши Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани судида кўриб чиқилган.
Дадам оламдан ўтиб қолганларида, ҳис-туйғуларим ёмон кечди. Жуда сиқилиб кетганимдан маст ҳолда бу ишларни қилдим. Пушаймонман, ҳаммадан кечирим сўрайман, — дейди айбланувчи.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 134-моддасида (қабрни таҳқирлаш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)