Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг илтимосига кўра, Россия чегарачилари Арманистон ва Озарбайжон чегараси бўйлаб жойлаштириб чиқилган. Бу ҳақда Россия расмийлари тарқатган маълумотларга таяниб, “ТАСС” нашри хабар берди.
Россия чегара қўшинларнинг янги жойлашуви ҳақида Россиянинг Арманистондаги элчиси Сергей Копиркин 24News нашрига берган интервьюсида маълум қилган. Ушбу ҳаракатдан мақсад Арманистон ва Озарбайжон ўртасида кескинлик юзага келишининг олдини олиш эканлиги айтилган.
Россия расмийсига кўра, Жанубий Кавказ минтақасида рус ҳарбий контингентининг бўлиши мамлакатлар ўртасидаги вазиятни барқарорлаштиришга ёрдам беради. Рус аскарлари бир томон манфаатини инобатга олиб, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмайди.
Маълумот ўрнида, 2020 йилда Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги иккинчи Қорабоғ уруши Бокунинг ғалабаси билан якунланган эди. Уруш якунида тан олинмаган Қорабоғ республикаси ҳудудида ва Лочин коридори атрофида Россия тинчликпарвар контингенти жойлаштирилган эди. Аммо ушбу контингент мавжудлиги Озарбайжон томонидан 2023 йил сентябрида Тоғли Қорабоғ республикаси суверенитети тугатилиши ва Боку юрисдикциясига қўшиб олинишига қаршилик қилолмади.
Изоҳ (0)