Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан 29 март, жума куни Тошкент шаҳрида “Автомобилсиз кун” тадбири ўтказилади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бу президентнинг “Ўзбекистон – 2030 стратегиясини Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ амалга оширилади.
“Автомобилсиз кун”ни ўтказишдан асосий мақсад – соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, шунингдек, атроф-муҳитни автомобиллардан чиқувчи зарарли газлардан ҳимоя қилиш, катта шаҳарларда транспорт воситалари тирбандлигини камайтириш, жамоат транспорти тизимини ривожлантириш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш.
“Экология вазирлиги барчани ”Автомобилсиз кун”га бефарқ бўлмасликка, шахсий автомобиллар ўрнига жамоат транспорти, метро, велосипед каби атмосферага камроқ зарар етказадиган транспорт воситаларидан фойдаланишга чақиради”, – дейилади хабарда.
Изоҳ (0)