Ўзбекистонда 22 сентябрь — “Автомобильсиз кун” сифатида нишонланади. Шу муносабат билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги барчани “Автомобильсиз кун”га бефарқ бўлмасликка, шахсий автомобиллар ўрнига жамоат транспорти, метро, велосипед каби атмосферага камроқ зарар етказадиган транспорт воситаларидан фойдаланишга чақирди.
Қайд этилишича, бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилади.
“Автомобильсиз кун”ни ўтказишдан асосий мақсад автомобиллардан чиқаётган турли заҳарли газлар орқали атмосферанинг заҳарланишини камайтиришга ҳисса қўшиш, қолаверса, пиёда юриш ва велосипедда сайр қилишни кенг тарғиб этишдан иборат бўлиб, ўз навбатида, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштиришга хизмат қилади.
Дунёда “Автомобильсиз кун” тадбири 1995 йилдан буён ўтказилади. Жаҳон узра оммалашганига эса 23 йил бўлди. Ўзбекистонда эса 2021 йилдан бошлаб 22 сентябрь куни республика бўйича “Автомобильсиз кун” сифатида эълон қилинган.
Изоҳ (0)