Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Женева шаҳрида Қўшилмаслик ҳаракати парламент тармоғининг “Иқлим ўзгаришига қарши курашишда парламент фаолиятини кучайтириш” мавзусидаги учинчи конференциясида иштирок этди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ташкилотда иштирок этувчи парламентлар ва халқаро тузилмалардан 53 та делегация ҳозир бўлган анжуман давомида иқлим ўзгаришига қарши курашишда парламентларнинг ролини кучайтиришга қаратилган қатор стратегия ва ёндашувлар муҳокама қилинган.
Иқлим ўзгариши жамоавий ҳаракатларни талаб қиладиган замонамизнинг глобал муаммоларидан бири бўлиб қолаётгани, бугун қабул қилинадиган қарорлар келажак авлодларга узоқ муддат таъсир кўрсатиши айтиб ўтилган.
Иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш, барқарор экологик сиёсат соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган намунавий қонунларни ишлаб чиқиш бўйича парламентларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш лозимлигига эътибор қаратилган.
Олий Мажлис Сенати раиси ўз нутқида жаҳон мамлакатлари парламентлари, биринчи навбатда, инсон омилининг сайёрамизга салбий таъсирини имкон қадар камайтириш бўйича шошилинч чоралар кўриш учун масъулиятни ўз зиммасига олиши зарурлигини таъкидлаган.
Шунингдек, экологик муаммоларни ҳал қилишда парламентлардан талаб этиладиган зарур жиҳатлар санаб ўтилди. Экология ва иқлим ўзгариши соҳасига доир қонун ҳужжатларини уйғунлаштириш бўйича мамлакатлар парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, глобал ўртача ҳароратнинг ўсишини Цельсий бўйича 2 даражадан паст даражада ушлаб туришга эришиш ва Париж битимини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш шулар жумласидан.
Шу билан бирга, Сенат раиси иштирокчилар эътиборини “яшил” технологиялар ва тегишли инфратузилмага инвестициялар киритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш зарурлигига қаратган.
Конференцияда Қўшилмаслик ҳаракати парламент тармоғи бюроси ва доимий комиссияларини шакллантириш, шунингдек, халқаро ташкилотларга Қўшилмаслик ҳаракати парламент тармоғи ҳузурида кузатувчи мақоми бериш тўғрисидаги ташкилий масалалар кўриб чиқилди ва қарорлар қабул қилинган.
Тадбир якунида унинг натижаларини сарҳисоб қилган ҳолда Женева декларацияси қабул қилинган.
Изоҳ (0)