АҚШ Конгресси вакиллар палатасининг аъзоси Кен Бак президент Жо Байденнинг “ақлий чидамлилиги” билан боғлиқ хавотирлар туфайли уни лавозимидан четлаштиришга чақирди. Бу ҳақда Fox News хабар берди.
Бак президентни лавозимидан четлаштириш (АҚШ Конституциясига 25-ўзгартиришни киритиш) тўғрисидаги резолюцияни Конгрессга тақдим қилмоқчи. У бу қадамнинг асосий сабаби сифатида прокурор Роберт Хурнинг Байденнинг махфий ҳужжатлар билан ишлаши ҳақидаги ҳисоботини келтирган. Ҳисоботда президентга қарши ҳеч қандай айбловлар йўқ, бироқ у бир неча бор Байденни “хотираси ёмон қариган етакчи” сифатида тавсифлаган.
“Ҳисоботда келтирилган кўплаб мисоллар президент Байденнинг когнитив заифлашуви ва ақлий чидамлилиги йўқлигини аниқ кўрсатиб турибди”, — дейди Кен Бак.
Сўнгги пайтларда АҚШда президентнинг руҳий саломатлиги мавзуси фаол муҳокама қилинмоқда. Айрим кузатувчилар ёшга боғлиқ ўзгаришлар ва когнитив пасайиш белгилари туфайли унинг давлат раҳбари лавозимини эгаллаш қобилиятига шубҳа билдирган.
Бу мунозаралар Байден бир неча марта омма олдида чиқиш қилганидан сўнг кучайди. Сабаби АҚШ президенти нутқида хатоларга йўл қўйди ва чалкашликларга дуч келди. Ўз навбатида, Оқ уй расмийлари ва президент билан ишлайдиган тиббиёт мутахассислари Байден вазифаларини тўлиқ бажаришга қодир эканини таъкидламоқда.
Изоҳ (0)