Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига қисқа муддатли чекловлар киритилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Республика ҳудудларида ҳаво ҳароратининг пасайиши натижасида магистрал газ қувурларида босимнинг камайиши ҳолатлари кузатиляпти. Шуни инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида республикадаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига қисқа муддатли чекловлар киритилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур чекловларни ҳисобга олган ҳолда республикадаги барча бензин заправкаларга автобензин маҳсулотларини қўшимча миқдорларда етказиб берилиши таъминланади.
Вазирлик истеъмолчилардан етказилган ноқулайликлар учун узр сўраган ҳолда, вазият барқарорлашгунга қадар имкон қадар тежамкорликка риоя қилишларини сўради. Газ заправкалар фаолиятида ўзгаришлар кузатилса, қўшимча маълумотлар берилади.
Ўзбекистонга келиб чиқиши арктик бўлган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши 16 февралдан бошланганди. Республикада ҳаво совиши ортидан метан заправкалар иш жадвалига ўзгартиришлар киритилиши мумкинлиги ҳақида “Ҳудудгазтаъминот” матбуот хизмати аввалроқ маълум қилганди.
Изоҳ (0)