Президент томонидан имзоланган қонун билан давлат мулки харидорига мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери берилади.
Адлия вазирлиги хабарига кўра, қонунга асосан, хусусийлаштириладиган давлат мулки бўйича:
- давлат кўчмас мулк объектининг олди-сотди шартномаси ваколатли давлат органи ёки унинг ҳудудий бошқармалари, харидор ҳамда балансда сақловчи иштирокида, шу жумладан, электрон шаклда тузилади;
- давлат муассасаларининг, давлат унитар корхоналарининг, хўжалик жамиятларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат улушининг олди-сотди шартномаси ваколатли давлат органи ёки унинг ҳудудий бошқармалари ва харидор ўртасида, шу жумладан электрон шаклда тузилади.
Хусусийлаштириладиган давлат мулкининг олди-сотди шартномаси бўйича барча мажбуриятлар бажарилганидан кейин 5 иш куни ичида харидорга давлат хизматлари марказлари орқали ёки ЯИДXP (my.gov.uz) воситасида QR код қўйилган ҳолда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери берилади.
Давлат мулкини хусусийлаштириш ва унинг натижалари тўғрисидаги ахборот ваколатли давлат органининг ёки унинг ҳудудий бошқармаларининг, жалб қилинган савдолар ташкилотчисининг ҳамда инвестиция воситачисининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
Изоҳ (0)