Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери Қўшма Штатлар Киевга тахминан 75 миллиард доллар ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди, деб ёзмоқда Politico нашри.
Шу билан бирга, у АҚШ украиналик ҳимоячиларга рус босқинчиларига қарши туришда ёрдам бераётган ягона давлат эмаслигини таъкидлади. Бош котибнинг сўзларига кўра, Европанинг қатор давлатлари ялпи ички маҳсулот улуши бўйича Украинага АҚШдан кўра кўпроқ ҳарбий ёрдам кўрсатяпти.
“Бошқа иттифоқчилар ва ҳамкорлар 100 миллиард доллардан ортиқ ҳисса қўшди, агар ялпи ички маҳсулот улуши сифатида ўлчанадиган бўлса, кўпчилик иттифоқчилар АҚШдан кўра кўпроқ ёрдам беряпти”, — деди НАТО бош котиби.
Унинг таъкидлашича, Украинадаги уруш “қирғин уруши”га айланиб бормоқда, бу эса Европа ва Америка мудофаа саноатидан ишлаб чиқаришни кўпайтиришни талаб қилади, чунки Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан кейин Ғарб давлатлари ўқ-дорилар ишлаб чиқаришда “жиддий бўшлиқларни топди”.
Изоҳ (0)