Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида 17 февраль куни бокс бўйича оғир вазн тоифасида мутлақ чемпионлик учун жанг бўлиб ўтади.
Супер оғир вазн тоифасида WBA Супер, IBF, WBO ва IBO камарлари соҳиби Олександр Усик ва WBC чемпиони Тайсон Фьюри мутлақ жаҳон чемпионлиги учун рингга кўтарилади. Орадан 25 йил ўтгач, оғир вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони пайдо бўлади. Сўнгги бор 1999 йилда Леннокс Льюис Эвандер Ҳолифилдни мағлуб этиб, ушбу эътирофга сазовор бўлганди.
Усик ва Фьюри бир неча йил олдин жанг бўйича келишиб олганди ва ниҳоят улар рингда учрашадиган бўлди. Сўнгги бор Усик 2023 йилнинг август ойида Даниэль Дюбуани техник нокаут эвазига мағлуб этганди. Фьюри эса октябрь ойида Френсис Нганну устидан ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозонганди.
Турнир доирасида 8 та жанг бўлиб ўтади. Эътиборли жиҳати, ўзбекистонлик енгилмас боксчи Баҳодир Жалолов (14-0) ҳам ушбу турнирда ўз жангини ўтказади. Хабарларга кўра, черногориялик Дилан Прашович Жалоловнинг рақиби бўлади.
Жой — Саудия Арабистонининг Kingdom Arena стадиони. Айнан шу жойда Фьюри ва Нганну ўртасидаги жанг бўлиб ўтганди. Шунингдек, Дмитрий Бивол, Энтони Жошуа ва Деонтей Уайлдер ўртасидаги турнир ҳам Kingdom Arena’да ўтказилганди.
Изоҳ (0)