Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) Белгород вилоятида Ил-76 ҳарбий-транспорт самолётининг ҳалокатга учраши муносабати билан уруш қонунлари ва одатларини бузиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди, деб ёзмоқда “РБК-Украина” УХХ шарҳига таяниб.
Тергов бошлангани ҳақида УХХнинг журналистларга берган изоҳига таяниб, “Украинская правда” ва BBC рус хизмати ҳам хабар берди.
Ҳозирда махсус хизмат авиаҳалокатнинг барча ҳолатларига ойдинлик киритиш учун “чора-тадбирлар мажмуи”ни амалга оширмоқда, деб аниқлик киритди “РБК-Украина”.
УХХ Белгород вилоятида Ил-76 самолётининг ҳалокатга учрашига расмий муносабат билдирмаган.
24 январь куни Белгород вилоятининг Яблоново қишлоғи яқинида Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатга учради. Россия Мудофаа вазирлиги бортда 65 нафар украиналик ҳарбий асир бўлганини, улар алмашишга олиб кетилаётганини маълум қилди ва ҳалокатни теракт деб баҳолаб, унда Украинани айблади.
Россия ва Украина ўртасида ҳарбий асирларни алмашиш режаларини Украина разведка бош бошқармаси вакили Андрей Юсов тасдиқлади. Давлат разведка бошқармаси томонидан эълон қилинган баёнотда самолёт ҳалокати ҳақида сўз юритилмаган, бироқ разведка маълумотларига кўра, Украина томони Белгород ҳудудида “ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш заруратидан бехабар бўлган” ва бортда ким бўлганини ишонч билан айта олмайди.
Владимир Зеленский кечки нутқида Украина Ил-76 ҳалокати бўйича халқаро тергов ўтказилишини талаб қилишини айтди ва вилоятларга режалаштирилган сафарини бекор қилди. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков бунга жавобан, агар “Киев режимининг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича тергов” назарда тутилган бўлса, буни ўтказиш зарурлигини айтди.
Изоҳ (0)