Тошкент шаҳрида божхоначилари 6,3 миллиард сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ҳудудида тезкор тадбир ўтказган.
Тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган шахснинг Мирзо Улуғбек туманидаги ўз хонадони ва ижарага олинган хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган, муқаддам ноқонуний йўллар билан республикага олиб кирилган 6 номдаги 421 500 қути тамаки маҳсулотлари сақланаётгани аниқланган.
Акциз маркаси ва рақамли маркировка кодлари билан қадоқланмаган мазкур сигаретларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 6 миллиард 329 миллион сўмдан ошмоқда. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Хоразмда 422 миллион сўмлик акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари аниқлангани, Навоий ва Бухорода 600 млн сўмлик қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари савдосининг олди олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)