“Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти бошқармаси мансабдори 50 минг доллар пора олаётганди ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, “Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти бошқармаси мансабдор шахси С.А. “I.Г.А.С.” МЧЖга қарашли АЁҚШда ўтказилган текшириш якуни бўйича мазкур шохобча фаолиятини тиклаб бериш, “Б.А.Й.Қ.” МЧЖга қарашли АЁҚШга фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш, 2024 йилда назорат органлари томонидан текшириш эълон қилинганда, унга олдиндан хабар бериш эвазига 100 минг АҚШ доллари пора талаб қилган.
28 декабрь куни Бухоро вилояти прокуратураси, департамент, ИИБ ва ДХХ вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у Бухоро шаҳар туғуруқ комплекси ёнида кимёвий ишлов берилган 50 минг АҚШ долларини пора тариқасида олган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат бўйича С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибида ушланган. Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича Бухоро вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош прокуратура назорат қилувчи органлар томонидан пора талаб қилиш ҳолатлари аниқланган ҳолларда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга чақирди.
Изоҳ (0)