Наманганлик ота 3 нафар фарзанди учун алимент суммасини тўлиқ тўлаб берди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг 2022 йилдаги буйруғига асосан фуқародан собиқ турмуш ўртоғи фойдасига уч нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланганди.
Мажбурий ижро бюроси Поп туман бўлими ходимлари мазкур ҳужжатга асосан ижро ҳаракатларини олиб борган. Ота ҳам шу кунга қадар алимент пулларини ўз вақтида тўлаб келган.
У фарзандлари вояга етгунга қадар бўлган алимент пулларини олдиндан бирйўла тўлаб бериш мақсадида давлат ижрочисига мурожаат қилган ва бу мурожаат қондирилган.
Янги йил арафасида уч нафар фарзанд 18 ёшга тўлгунига қадар ҳисобланган 226 миллион 737 минг сўм алимент пуллари тўлиқ тўлаб берилди. Отанинг четга чиқиши учун қўйилган вақтинча чеклов ҳам бекор қилинди.
Изоҳ (0)