Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Малгинов Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда элчига “Справедливая Россия — за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи Республикада чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди.
Россия каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди.
Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқларимиз ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
“Ўз навбатида, Олег Малгинов тўлиқ масъулият билан Прилепиннинг баёнотлари Россия раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади”, — дейилади ТИВ хабарида.
Россиянинг Ўзбекистондаги вакили сифатида элчи “Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган”ини билдирди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ҳодиса бўйича изоҳ бериши кутилмоқда.
Изоҳ (0)