Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султонов қамоққа олинди ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди. Бу ҳақда вилоят судлари ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида Наманган вилояти прокурори ўринбосарининг Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган С.С. (эркак, 1976 йилда Наманган шаҳрида туғилган, Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган)га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилди.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2023 йил 16 декабрдаги ажрими билан Наманган вилояти прокурори ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи С.С.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.
Изоҳ (0)