Сирдарё вилоятида ноқонуний йўллар билан АҚШга юборишни ваъда қилган шахс ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департамент ҳамда ДХХнинг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан Янгиер шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Й.А. исмли шахс (муқаддам судланган) таниши У.П. билан ўзаро тил бириктириб, фуқаро М.А.ни Қўшма Штатларга бориши учун виза ҳужжатларини расмийлаштириб, Туркия ва Мексика давлатлари орқали юбориши ваъда қилгани аниқланган. Хизмати эвазига У.П. 8,1 минг доллар ва 1,2 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
11 сентябрь куни Самарқандда 14 минг доллар эвазига Самарқанд—Истанбул—Мадрид—Никарагуа йўналиши билан АҚШга ишга жўнатишни ваъда қилган шахс қўлга олингани хабар қилинганди. Июнь ойининг ўрталарида Самарқандда икки кишини АҚШга юбориш учун 40 минг доллар олган шахс ушланганди. Май ойида эса шундай ноқонуний йўллар билан АҚШга юбориш учун 30 минг доллар олган шахс қўлга олинганди.