Ижтимоий тармоқларда “Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳибсхонасида фуқаро жонига қасд қилди” изоҳи билан хабар тарқалди. Вилоят ИИББ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Хабарга кўра, фуқаро, 2001 йилда туғилган А.Ў. Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (ўғрилик, кўп миқдорда) ва 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан қўзғатилган жиноят ишида айбланган.
Тергов давомида, А.Ў. муқаддам ҳам Жиноят кодексининг 164-моддаси 2 қисми “а” банди (босқинчилик, қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб) билан судланганлиги инобатга олиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жорий йилнинг 1 декабрь куни соат тунги 02:30 ларда жиноят иши доирасида ҳибсхонада сақланаётган А.Ў. камерадаги ёпинчиқ чойшабдан сиртмоқ ясаб, камера ойнасининг темир панжарасига боғлаган ҳолда ўз жонига қасд қилган.
Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлими, бўйин қисми сиртмоқ билан сиқилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия оқибатида юз бергани аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)