Америкалик режиссёр Грета Гервигнинг “Барби” фильми Буюк Британия иқтисодиётига 100 миллион доллардан кўпроқ (80 миллион фунт стерлинг) фойда келтирди ва юзлаб британияликларни иш билан таъминлади. Бу ҳақда “Правила Жизни” хабар бермоқда.
Warner Bros’нинг маълумотларига кўра, “Барби”нинг Буюк Британияда суратга олиш жараёни нафақат мамлакат иқтисодиётига миллионлаб даромад келтирган. Шу билан бирга, 685 та янги иш ўрни яратилган, 6000 дан ортиқ қўшимча ишчилар жалб қилинган, 754 та маҳаллий тадбиркорлар қўллаб-қувватланган. Маҳаллий аҳолига 50 миллион доллар (40 миллион фунт)дан ортиқ маош тўлангани маълум бўлди.
Фильм Warner Bros Leavesʼнинг Хертфорширддаги студиясида суратга олинган. Бундан ташқари, дунёга машҳур “Гарри Поттер”, “Бэтмен”, “Аквамен” фильмлари ҳам айнан шу киностудияда суратга олинган.
Шунингдек, Warner Bros вакили “Барби” биргина Британиянинг ўзида фильм кассасига 120 миллион (95 миллион фунт стерлинг)дан ортиқ даромад олиб келганлигини қўшимча қилган.
21 июль куни премьераси бўлиб ўтган мазкур картина йилнинг энг кассабоп фильми, деб эълон қилинди.
Фильм умумий ҳисобда, 1,4 миллиард доллардан кўпроқ даромад келтирди. Шунингдек, картина “Қора рицар”, “Гарри Поттер ва ажал туҳфаси” фильмларини ортда қолдириб, Warner Bros тарихида энг кўп даромад олиб келган фильмга айланди.
Изоҳ (0)