Аргентинада президентлик сайловларидан кейин санаб чиқилган бюллетенларнинг 76 фоизи натижаларига кўра, ҳукмрон Аргентина коалициясидан номзод, иқтисодиёт вазири Серхио Масса 35,8 фоиз овоз олди; унга энг яқин рақиб, депутат Хавер Милей эса 30,5 фоиз. Бу ҳақда Buenos Aires Times хабар берди.
Биринчи турда ғалаба қозониш учун номзодлар мутлақ 45 фоиз ёки энг яқин рақиби билан ўн фоиздан ортиқ фарқда камида 40 фоиз овоз олиши керак эди. Иккинчи тур 19 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Bloomberg таъкидлашича, иккинчи тур сценарийси қутбланишдан қўрққан инвесторлар учун энг номақбул бўлиб турибди. Агентлик маълумотларига кўра, Аргентинада сайлов натижалари чиққунича яна бир ой беқарорлик кутилмоқда.
Овоз бериш 18 ёшдан 70 ёшгача бўлган фуқаролар учун мажбурийдир. Унда сайловчиларнинг 74 фоизи иштирок этган.
Милей ўта ўнг позицияни эгаллаб келади, у аборт ва мактабларда жинсий таълимга қарши. У ўзини анархо-капиталист ва ўта либерал иқтисодчи деб атайди, мамлакат сиёсий тузумига қарши туриш ниятини эълон қилган, ўнта вазирликни тугатиш ҳамда Аргентина Марказий банкини ёпиш билан таҳдид қилган. Милей Аргентинани долларга ўтказишга ваъда берган.
New York Times уни “мини-Трамп” деб атаган, Bloomberg ҳам унинг АҚШ собиқ президентига ўхшашлиги ҳақида ёзган. Милей Трампни “АҚШ тарихидаги энг яхши президентлардан бири” деб атаган, ўзи эса МАГА шиори – “Американи яна буюк қилиш” ёзувли кепка кийиб олган.
Милейнинг машҳурлиги Аргентинанинг оғир иқтисодий қийинчиликларига асосланади. Мамлакат сўнгги ўн йил ичида олтинчи марта рецессияни бошдан кечирмоқда, инфляция эса мамлакат гиперинфляциядан чиққан 1990 йиллардан бери энг юқори даражага етди.
Изоҳ (0)