АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашида Исроилнинг ҲАМАС билан урушига оид резолюция лойиҳасини тарқатди, деб хабар бермоқда Reuters агентлиги ҳужжатга таяниб.
Хусусан, резолюция лойиҳаси тинч аҳолини ҳимоя қилиш, шунингдек, Ғазо секторига ёрдамни “доимий, етарли ва тўсиқсиз” етказишни талаб қилади.
Бундан ташқари, ҳужжатда Исроилнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқи, шунингдек, мамлакатлар “террорчилик ҳужумлари”га жавобан халқаро қонунларга риоя қилишлари зарурлиги таъкидланган.
Резолюция лойиҳасида Эрондан “минтақадаги тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солувчи милицалар ва террористик гуруҳларга” қурол етказиб беришни тўхтатиш ҳам талаб қилинади. Бундан ташқари, ҳужжат муаллифлари ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилишга чақирмоқда.
“ТАСС” ва Axios нашрларининг ёзишича, Америка резолюция лойиҳаси ҲАМАСни қоралайди, бироқ Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирмайди.
Reuters таъкидлаганидек, Қўшма Штатлар ушбу ҳужжатни овозга қўйиш-қўймаслиги ҳозирча номаълум. Axios агар АҚШнинг резолюция лойиҳаси зарур тўққизта овозни оладиган бўлса, Россия вето ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин, деб ёзди.
18 октябрь куни Қўшма Штатлар Бразилия томонидан тайёрланган, Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказилишига рухсат бериш учун жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чақирувчи резолюция лойиҳасига вето қўйганди. Бунгача овоз бериш икки марта қолдирилди, деб ёзади Reuters.
АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд ўшанда АҚШ Бразилиянинг резолюция лойиҳасига қарши чиққанига сабаб сифатида унда Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи ҳақида сўз юритилмаганини келтирган. Бундан ташқари, элчининг айтишича, АҚШ вето ҳуқуқидан фойдаланиб, дипломатия учун вақт орттирган. Орадан кўп ўтмай, ҲАМАС гаровга олинган икки америкаликни озод қилди, Миср эса инсонпарварлик ёрдами учун Ғазо сектори чегарасидаги Рафиаҳ пунктини очишга рози бўлди.
Бунгача БМТ Хавфсизлик кенгаши Россиянинг ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини қабул қилмаганди, бунга сабаб — ҳужжатда Исроилга ҳужум қилган ҲАМАС ҳаракати ҳақида сўз юритилмаган
Изоҳ (0)