Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган шахслар ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда А.Ш. исмли шахс ва бошқалар 1 000 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро Х.Ш.га 25 миллион сўмга сотган вақтида ушланган. Шунингдек, А.Ш.нинг ёнидан 220 дона ва унинг хонадонидан яна 1 800 дона “Зардекс” номли дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, департаментнинг Оққўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ҳ.М. исмли шахс 5 дона “Тропикомид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро Б.А.га 1 млн сўмга сотган вақтида ушланиб, унинг хонадонидан сотиш учун мўлжалланган 103 дона “Тропикомид” дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)