Расмий ташриф билан Россияда бўлиб турган Шавкат Мирзиёев Қозондан Москвага келди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Россия пойтахтининг “Внуково-2” аэропортида давлат раҳбарини Россия ҳукумати раисининг ўринбосари — саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Олий мартабали меҳмон шарафига Ўзбекистон ва Россия давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.
Ташриф дастурига мувофиқ, 6-октябр куни икки мамлакат етакчилари тор ва кенгайтирилган таркибда музокара ўтказади. Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар ва бошқа устувор йўналишларда ҳар томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини кўриб чиқиш режалаштирилган. Минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Ўзбекистон президенти Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан ҳам музокара ўтказади.
Изоҳ (0)