Шавкат Мирзиёевнинг Қўшма Штатларга ташрифи доирасида ташкил этилган АҚШ—Ўзбекистон бизнес форумида “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ ва General Electric компанияси 60 миллион долларлик шартнома имзолади. Бу ҳақда “Иссиқлик электр станциялари” хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳамкорлик Ўзбекистондаги электр станциялари энергоблоклари модернизациясини амалга оширишга қаратилган. Шартнома доирасида электр станцияларига техник хизмат кўрсатишдан ташқари, янги эҳтиёт қисмлар етказиб берилади ва демонтаж қилинган эҳтиёт қисмларини тиклаш ишлари амалга оширилади.
“Ўзбекэнерготаъмир” АЖ бош директори Илҳом Ражабов сўзларига кўра, ҳамкорлик натижасида электр энергиясининг якуний нархи пасайишига эришилади.
“Бу билан мамлакатимиз электр энергетикаси тармоғига замонавий, юқори ривожланган ва энергосамарадор ускуналарни олиб кирамиз, соҳадаги энг илғор технологияларни ўзимизда жорий этиш, натижада ёқилғи сарфини камайтириш ва ишлаб чиқаришни рақамлаштириш эвазига маҳсулотнинг якуний нархини пасайтиришга эришамиз”, — дейди у.
Шунингдек, ҳамкорлик доирасида “Ўзбекэнерготаъмир” ёш ходимлари америкалик мутахассислар иштирокида бажариладиган таъмирлаш ва созлаш ишлари орқали ўз малакасини ошириши ҳам айтилмоқда.
Шавкат Мирзиёев Қўшма Штатларга ташрифи давомида АҚШ бизнеси вакилларининг Ўзбекистон—Америка савдо палатаси раиси Керолин Лемм бошчилигидаги делегацияси ҳамда йирик трансмиллий компания ва корпорациялар — Air Products, Citigroup, SNH, Boston Consulting Group, GЕ HealthCare, Oppenheimer, Cerberus, Cintana раҳбарлари билан учрашганди.
Изоҳ (0)