Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 1 сентябрь куни ўз халқига анъанавий мурожаатномасида мамлакатда атом электр станциясини қуриш бўйича умумхалқ референдуми ўтказиш таклифини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, расмийлар кейинроқ аниқ муддатлар тўғрисида қарор қабул қилади.
“Мен ўзимнинг 2019 йилги сайловолди дастуримда ўта муҳим стратегик муаммолар бўйича қарорлар референдумлар орқали қабул қилинишини ваъда бергандим. АЭС қуриш ёки бундан воз кечиш — мамлакатимиз келажаги билан боғлиқ бўлган ўта муҳим масаладир. Шунинг учун уни умумхалқ референдумига олиб чиқишни таклиф қиламан”, — дейди у.
Тўқаев республикада АЭС қуришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида турли хил фикрлар мавжудлигини таъкидлаган.
“Бир томондан дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчи сифатида Қозоғистон ўзининг шахсий атом генерациясига эга бўлиши керак. Баъзи экспертлар кичик реакторли станциялар қуриш тарафдори эканлигини билдирмоқда. Бошқа томондан эса кўплаб фуқаролар ва бир қатор мутахассислар атом станциялари хавфсизлигидан хавотирланишмоқда. Семипалатинск ядровий полигонининг фожиали меросини ҳисобга олсак, бу ҳам тушунарли”, — дейди президент.
Қозоғистон етакчиси бу борада жамоатчилик муҳокамаларини давом эттириш ва мазкур масалани кенг муҳокама қилиш зарурлигини қайд этган.
Июнь бошларида Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси Қирғизистонда кичик атом электр станциясини қуриш ниятида экани маълум бўлганди. 2022 йилнинг ноябрида Rusatom Energy Projects ва Қирғизистон Энергетика вазирлиги “Атомехпо-2022” кўргазмаси доирасида мамлакатда кичик қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича дастлабки техник-иқтисодий асослаш бўйича техник топшириқларни имзолаган эди.
Изоҳ (0)