Россиялик шоумен Максим Галкин ўзининг Instagram’даги саҳифасида Қозоғистон расмийлари унга республикада чиқиш қилишни тақиқлаб қўйганини айтди.
Галкиннинг сўзларига кўра, Қозоғистонда унинг Олмаота ва Остонадаги чиқишига “давлат даражасида” тўсқинлик қилинмоқда. Ижодкорнинг айтишича, унинг жамоаси кўп ойлардан бери концертлар уюштиришга ҳаракат қилган, бироқ доимий равишда расмийларнинг қаршиликларига дуч келган.
“Баъзи уйдирма сабаблар, саҳна ортидаги тақиқлар… Тушунаман, нима учундир Қозоғистон расмийларини шунчалик қўрқитганманки, улар менинг концертларимни ўтказишдан қаттиқ қўрқди. Айни пайтда концертларимга айтилмаган тақиқ бор”, — деди у.
Максим Галкин Россияда “хорижий агент” деб эълон қилинган. Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқини бошиданоқ у доимий равишда урушга қарши чиқди.
Қозоғистон урушни қўллаб-қувватлаган россиялик санъаткорларнинг концертларини ҳам бекор қилмоқда. Хусусан, октябрь ойида россиялик хонанда Григорий Лепснинг концерти Қозоғистонда, шунингдек, Ўзбекистонда ҳам бекор қилинди. Сабаби рус хонандаси Россиянинг Украинадаги босқинини доимий қўллаб келган ва урушни молиялаштиришни ҳам бошлаган. Хусусан, у Украина армиясига тегишли танкни ишдан чиқарган ҳар бир кишига бир миллион рубль тўлашни ваъда қилган ва рус аскарини Леопард танкини йўқ қилгани сабаб мукофотлаганди. Ижтимоий тармоқ фаоллари шу туфайли унинг мамлакатда концерт беришига кескин қаршилик кўрсатган.
Изоҳ (0)