Испаниялик актёр Антонио Бандерас 10 август куни 63 ёшга тўлди. Ўзининг қирқ йиллик фаолияти давомида Бандерас режиссёр Педро Алмодоварнинг испан тилидаги кичик лойиҳаларидан Голливуд ва Европанинг йирик фильмларида ҳам ўз имзосини қолдирди.
Антонио Бандерас — бу машҳурликка элтган тахаллус
Бўлажак актёр 1960 йил 10 августда Испаниянинг Малага шаҳрида фуқаролик гвардияси зобити Хосе Домингес Приэто ва мактаб ўқитувчиси Анна Бандера Галлего оиласида туғилган. Боланинг исми Хосе Антонио эди, лекин ёшлигида йигит “Антонио Абаскал” тахаллусини ишлата бошлайди, кейинчалик онасининг фамилиясини олади (Бандера) ва унга “с” ҳарфини қўшади. Шундай қилиб, бир неча ўн йилликлардан кейин бутун дунёга машҳур бўладиган исм пайдо бўлади — Антонио Бандерас.
Антонио Бандерас машҳур футболчи бўлиши мумкин эди
Болалигида Антонио ўқишга унчалик қизиқмаган, бўш вақтини футбол ўйнаб ўтказган. У кўплаб андалусиялик йигитлар сингари маҳаллий “Малага” жамоасини қўллаб-қувватлаган ва ўзининг спорт кумирлари изидан боришни хоҳлаган.
Йигит ҳаттоки профессионал футболдаги илк қадамларини ташлашга уринади, бироқ оёғи синганлиги сабабли бу орзусидан воз кечишга мажбур бўлади.
Антонио театр томошасини кўргандан сўнг санъатга иштиёқ пайдо бўлади
Болакай узоқ вақт ҳоббисиз қолмайди: 1974 йилда 14 ёшли Бандерас унинг ички дунёсини бутунлай ўзгартирган “Соч” театрлаштирилган спектаклини кўради. Спектакл Вьетнам уруши фонида содир бўлган ёш ҳиппиларнинг ҳаёти ҳақида эди. Бандерас ўша оқшом кўрганидан шунчалик ҳайратда қоладики, ўз олдига янги мақсад қўяди — у ўзини саҳнада синаб кўриши керак.
Антонио Бандераснинг театрдаги биринчи қадамлари муваффақиятсиз тугайди
Маҳаллий театр труппасига қўшилиб, ёш Антонио спектаклларда иштиёқ билан иштирок этади. Бироқ унинг ҳамкасблари, дўстлари ва ҳатто ота-онаси унинг севимли машғулотини вақт ўтиши билан бошқа, унга мос келадиган касбга бўшатиб берадиган севимли машғулот сифатида қабул қилишади. Бундан ташқари, Бандерас жуда катта байрамларда саҳнага чиқмасди, й ҳали маҳоратли актёр саналмасди. Шунинг учун у бошқа ишларни бажариши керак эди: ёритиш ускунларини созлаш, декорация яратиш ва гримёрларига ёрдам бериш.
Бандерас Франсиско Франко режими қулагандан кейин пойтахтни забт этишга қароқ қилади
Антонио бошқаларнинг фикрига эътибор бермасди: у Малага миллий драматик санъат мактабига ўқишга кириб, келажагини актёрлик соҳаси билан боғлашга қарор қилади. Ўқишни тамомлагандан сўнг у Мадридни забт этишга ва пойтахт саҳнасида карьера қуришга йўл олади — диктатор Франко вафотидан кейин жамиятда пайдо бўлган эркинлик муҳити янги номлар ва ғояларни маъқулларди.
Антонио испан санъатининг демократик даврига жуда мос эди ва кўплаб экспериментал пастоновкаларда қатнашади. Бу эса истеъдодли актёрга Миллий театр труппасига киришга имкон беради, у айнан шу саҳнада келажакдаги фаолиятига катта таъсир ўтказадиган бош режиссёр — Педро Алмодовар билан учрашади.
Бандерас кинодаги дебютини 1982 йилда Алмодоварнинг “Эҳтирослар лабиринти” фильмида қилган
Алмодовар Бандерасда улкан истеъдодни кўради ва унга иккинчи тўлиқ метражли асари — “Эҳтирослар лабиринти”да рол таклиф қилади. Режиссёр “эркин қарашлар даврининг шайдоси” ва янги кинонинг энг ёрқин вакили эди, шунинг учун Бандерас тезда режиссёрнинг кичик ролига рози бўлади.
Лойиҳа Бандерасга машҳурлик келтирмайди, лекин Алмодовар билан ишлагандан сўнг, бошқа испан режиссёрлари уни ўз лойиҳаларига таклиф қила бошлайдилар.
1980 йилларда Бандерас Педро Алмодоварнинг бешта фильмида суратга тушади
1982 йилда Антонионинг кино дебютидан сўнг, икки дўст ўзларининг самарали ҳамкорлигини давом эттиради ва ўн йилликнинг охиригача яна тўртта фильм экранларга чиқади. “Maтадор” Бандерасга Испаниянинг “Гоя” миллий мукофотини келтиради. Ундан кейин 1988 йилда Канн кинофестивалини очган “Асабий тушкунлик ёқасидаги аёллар”, “Истак қонуни” ва “Мени боғла” фильмлари чиқади. Сўнгги фильм ҳам Антониога “Гоя” мукофотини олиб келади. Мазкур фильмдан кейин Алмодовар ва Бандерас тандеми танаффусга чиқади, 20 йилдан ортиқ бирга ишламайди.
Антонио Бандерас Голливуддаги карьерасини 1992 йилда бошлайди
Педро Алмодовар билан ишлагандан кейин Бандерас машҳур бўлиб кетади ва Голливуд лойиҳаларига таклиф қилинади. Испаниялик актёр рол ўйнаган биринчи Америка фильми “Мамбо қироллари” бўлиб, у икки кубалик мусиқачи ака-укалардан бирини ўйнаган. Фильм томошабинлар орасида муваффақият қозонмаганига қарамай, Бандераснинг Голливуддаги карьераси тўхтаб қолмайди. Антонио АҚШда яшаш ва ишлашга қарор қилади.
Бандераснинг Голливуддаги энг яхши йиллари ХХ асрнинг охирига тўғри келди
“Филадельфия” (1993) фильми испаниялик актёрга Голливудда ўз ўрнини топишига ва кейинчалик машҳур бўлган бир нечта ролларни ўйнашига ёрдам беради. 1994 йилда Антонио “Вампир билан интервью” фильмида вампир образини яратиш имкониятига эга бўлади. Фильмда Бред Питт ва Том Круз ҳам иштирок этади.
Бандераснинг машҳурлиги тез суръатлар билан ўсиб боради ва Голливуд актёрининг яна бир устунлигидан — испаниялик мачо образини яратиш қобилиятидан фойдалана бошлайди. Бунинг ёрдамида режиссёр Роберт Родригес режиссёрлигидаги “Таптортмас” култ фильми пайдо бўлади, кейин эса Антонио Бандерасни жаҳонга танитган фильм — “Зорро ниқоби” экранларга чиқади.
Роберт Родригес Бандерас фаолиятидаги иккинчи асосий режиссёр
Қўшма Штатларда Алмодоварнинг Бандерас карьерасидаги ўрнини Роберт Родригес эгаллайди, у билан актёр бир вақтнинг ўзида бир нечта фильм яратади. “Таптортмас”дан кейин улар “Тўрт хона”, ўсмирлар учун “Жосус болалар” фантастик фильмининг бир нечта қисмларида ва режиссёрнинг “Бир пайтлар Мексикада” трилогиясининг якуний қисмида ишлайди. Ўн йил ўтгач, Родригес ва Бандерас “Macҳете ўлдиради” фильмида ҳамкорлик қилади.
Антонио Бандерас — ажойиб дубляж устаси
Ҳеч кимга сир эмаски, “Шрек”даги этик кийган мушук образи испаниялик актёрдан илҳомланиб яратилган. Анимацион франшизанинг иккинчи қисмида Антонио Бандерас мушукка шахсан ўзи овоз беради.
Шундан сўнг “Этик кийган мушук”нинг экранлардаги барча кўринишлари, хоҳ у қисқа метражли фильм бўлсин, хоҳ “Шрек”нинг давоми ёки унинг спин-офлари бўладими, Антонио Бандераснинг овозида гапиради.
2010 йилларда Бандерас-Алмодовар тандеми яна бирлашади
Қўшма Штатларда испаниялик актёрга бўлган талаб 2000 йилларнинг охирига келиб аста-секин пасаяди. Натижада Бандерас “B” тоифасидаги фильмларга рози бўлишга мажбур бўлади.
Бу Педро Алмодовар билан ижодий иттифоқнинг янгиланишига сабаб бўлади. 2010 йилларда Бандерас режиссёрнинг учта фильмида рол ўйнайди, уларнинг ҳар бири актёр фаолиятида тоза ҳаводек эди.
Ушбу фильмлар орасида тандемнинг саккизинчи ҳамкорлик иши — Антонио Бандерасга узоқ кутилган биринчи “Оскар” номинациясини олиб келган “Оғриқ ва шараф” драмаси ажралиб туради. Фильмда у ижодий инқирозни бошидан кечираётган қари режиссёр образини – Алмодоварнинг ўзига хос алтер эгосини яратади. Фақат Бендерасгагина режиссёр бундай муҳим персонажни ишониб топшириши мумкин эди.
Антонио Бандерас рус киносида ҳам рол ўйнаган
2017 йилда Бандерас замонавий рус киноси юлдузлари — Милош Бикович ва Любов Аксеновалар билан биргаликда “Ҳақиқатдан ташқари” рус фантастик фильмини суратга олишда иштирок этади. Картина чиқишидан бир йил олдин актёр юрак хуружига учрайди, бу унинг ҳаётга янгича қарашга мажбур қилади. Антонио спорт ва соғлом овқатланишга кўпроқ вақт ажрата бошлайди, зарарли одатлардан воз кечади. Бу унга тезда тикланиш ва фильмларда рол ўйнашни давом эттириш имконини беради.
Антонио Бандераснинг севимли машғулоти — виночилик ва бизнес
Бандераснинг ҳаёти ва карьерасига ретроспектив назар ташлаб, унинг актёрликдаги илк қадамларини эслаш мумкин, ўшанда атрофдагилар ёш Антонионинг севимли машғулотларига жиддий эътибор бермаган. Бир неча ўн йиллар давомида меҳнатсеварлик ва ўз муваффақиятига ишониш ёрдамида у ўзига ва бошқаларга кино у учун шунчаки севимли машғулот эмас, балки бутун ҳаёти эканлигини исботлашга муваффақ бўлди.
Бундан ташқари, актёр бизнес билан шуғулланишни ҳам яхши кўради — ишлаб топган пулини турли лойиҳаларга сармоя қилади. Бандерас испан узумзорларига эга бўлиб, унинг номи билан аталадиган шароб ишлаб чиқаради. Шунингдек, актёр бир неча йил давомида бизнеснинг бошқа турларида ҳам ўзини синаб кўрган — шахсий парфюмини яратган, ресторанларга эгалик қилган ва эркаклар кийимлари тармоқларидан бирининг дизайнери бўлган.
Изоҳ (0)