Роберт Де Ниронинг тақдирига Италиянинг Ферраззано шаҳарчасидан Америкага кўчиб ўтган бобоси Жованни бевосита таъсир кўрсатади. Эмигрантнинг авлодлари шу билан Қўшма Штатларда қолиб кетади, бу эса Робертга Голливудни забт этишга имкон беради. Бироқ шон-шуҳрат чўққисидан олдин уни кўплаб тўсиқлар кутаётган эди: онаси ва отаси ажралганда болакай уч ёшга тўлмаганди ҳам.
“Ота-онам ажрашган бўлса ҳам, дўст бўлиб қолишганди. Уларнинг сафида актёрлар, шоирлар, танқидчилар, ёзувчилар бор эди. Отам мени тез-тез кинога олиб борарди — 10 ёшимда актёр бўлишни хоҳлаётганимни англадим. Мен ҳеч қачон ўзига хос қаҳрамон яратган юлдузлардан бўлмаганман. Ўшанда ўзим учун шундай қарор қилдим: яхши одам бўлишдан кўра яхши актёр бўламан”, — деб тушунтиради Роберт.
Бўлажак юлдузнинг онаси бутун кучини ўғлини яхши яшаши учун кўпроқ пул топишга сарфлайди, шунинг учун болакай деярли кўчада катта бўлади. Болалар уни “сутхўр Бобби” деб чақиришарди — балки, ранги оппоқ бўлгани учундир ёки сутни яхши кўргани сабаблидир. Ёшлигида Де Ниро безорилар тўдасига тушиб қолиши мумкин эди, лекин хайриятки, айнан санъатга бўлган иштиёқ уни бу йўлдан сақлаб қолган — йигит Нью-Йоркдаги Форелло Ла Гуардиа номидаги мусиқа ва санъат олий мактабига ўқишга киради. Кейинроқ эса Стелла Адлер ва Ли Страсберг курсларига қатнашади.
Голливуд юлдузи
Актёрнинг фильмографияси хилма-хиллиги билан ҳайратланарли. Де Ниронинг экрандаги дебюти 60 йилларда Брайан де Палма унга “Тўй кечаси” фильмида Сесил ролини берганида бўлади. Техник номувофиқликлар туфайли картина олти йил давомида экранларга чиқмайди, шунинг учун кўпчилик актёр иштирокидаги биринчи фильм “Манхеттендаги уч хона” деб адашади.
Актёр Нью-Йорк кинотанқидчилари уюшмаси мукофотини “Барабанни секин ур” фильмидаги бейсболчи роли учун олади, аммо режиссёрларнинг эътибори ёш актёр учун асосий мукофотдан ҳам қадрли эди. Шундай қилиб, “Зулм кўчалари” фильмидан Роберт ва Мартин Скорсезе ўртасидаги узоқ ва самарали ҳамкорлик бошланади, у “Такси ҳайдовчиси”, “Нью-Йорк, Нью-Йорк” ва “Қутурган буқа” фильмларида рол ўйнайди. Айнан сўнгги фильм актёрга “Оскар” олиб келади.
Роберт ёш Корлеоне ролини ўйнаган “Чўқинтирган ота-2” драмаси унинг учун ҳар қандай мукофотдан қадрли эди. Келажакда актёр шунчалик кўп гангстер ва мафиоз ролларини ўйнайдики, 2000 йилларда жамоат ташкилотлари уни Италиянинг фахрий фуқаролигидан маҳрум қилишни талаб қилишади.
Ёши ўтгани билан актёр истеъдодини йўқотмайди. Агар Де Ниронинг отасининг ўлимига бағишланган режиссёрлик дебюти — “Бронкс ҳикояси“, афсонавий “Казино” ва Ал Пачино ўйнаган “Тўқнашув” фильмлари томошабинларни хурсанд қилган бўлса, кейинги ишлари турли баҳоларга сазовор бўлади.
Rolling Stone шарҳловчилари “15 дақиқалик машҳурлик”, “Катта тўй”, “Фокерлар билан танишув-2” фильмларини очиқчасига ёмон деб аташган бўлса, “Уруш ғаввоси”, “Менинг йигитим — телба” драмаси ва ишламоқчи бўлган пенсионер ҳақидаги “Стажёр” номли ёқимли комедия кўплаб танқидчиларга маъқул келади. “Жокер” ва “Ирландиялик” фильмларидаги Де Ниронинг ёрқин ролларини ҳам унутмаслик керак, май ойида Каннда бўлиб ўтган шов-шувли “Гуллаган ой қотиллари” ҳақида эса кўп гапирилди.
Аёллар дунёсида
Актёр аввалига қўшиқчи Даянне Абботтга уйланади, уни томошабинлар эри билан ўйнаган “Такси ҳайдовчиси”, “Нью-Йорк, Нью-Йорк” ва “Комедия қироли” эпизодларида кўришлари мумкин. Роберт хотинининг биринчи турмушидан бўлган қизи Дренани ўз қизидек кўради, кейинчалик эр-хотиннинг Рафаэл исмли фарзанди дунёга келади.
Уларнинг никоҳи 10 йил давом этади, гарчи у расмий ажралишдан анча олдинроқ бузилган бўлса ҳам: 47 ёшида Роберт ёш Наоми Кемпбеллга қизиқиб қолганида биринчи турмушига нуқта қўйилади. Энг қизиғи, актёр моделни шунчалик мафтун этганки, Наоми актёр билан оила қуриш ҳақида ўйлаган. Аммо у билан оила қуриш Де Ниронинг режасида йўқ эди ва “қора пантера” бошқа умр йўлдоши топиш учун у билан ажрашади.
Кейинчалик Де Ниро модел Туки Смит атрофида ўралашиб қолади. Қиз никоҳдан ўтишни талаб қилмайди, шунинг учун бир неча йил давомида севишганлар шунчаки бирга яшашади. Бундан ташқари, суррогат она туфайли эр-хотиннинг эгизаклари — Жулиан Генри ва Аарон Кендрик дунёга келади.
1997 йилда Роберт Де Ниро мукаммал аёлни топдим деб ўйлайди: собиқ стюардесса Грэйс Хайтауэр уни бир қарашдаёқ ўзига мафтун этади. 1998 йилда Грэйс Эллиот исмли ўғил фарзандини дунёга келтиради, аммо бу воқеадан бир йил ўтгач, актёр ажрашиш учун ариза беради. Болани васийликка олиш учун шиддатли кураш бошланади, аммо охир-оқибат эр-хотин ярашади.
2011 йилда Грэйс Хелен исмли қизини дунёга келтиради, бу эр-хотиннинг ҳис-туйғулари кучлилигини тасдиқлагандек туюларди. Аслида эса муносабатлар аста-секин тубсизликка қараб борарди. 2018 йилда Роберт Хайтауэр билан яна ажрашаётганини эълон қилади. Бу сафар васийлик эмас, балки кредит карта лимити баҳс мавзуси бўлади: собиқ стюардесса ойига 100 минг доллар беришни талаб қилган, Де Ниро эса маблағни икки баробарга қисқартирган.
Кексайиб қолган актёр шов-шувли ажралиш билан шахсий ҳаётига нуқта қўйгандек бўлганди, бироқ Роберт яна бир бор ҳаммани ҳайратда қолдиради: 2023 йилда у жанг санъати мураббийи Тиффани Ченнинг юрагини забт этиб, еттинчи марта ота бўлади. Ўтган йилнинг апрель ойида 79 ёшли актёрнинг Жиа Виржиния исмли қизи дунёга келди.
Неварасининг вафоти
Актёр ҳар доим ўзини бахтли одам деб атаган, чунки у болалари ва невараларини яхши кўради.
“Атрофимда болаларим бўлишини яхши кўраман. Шунчаки эмас, балки қандайдир умумий иш билан ҳамма бирлашгани менга ёқади. Менимча, бу италянча анъана — бутун оила йиғилиши жуда ажойиб ҳолат. Болаларим карьерам ҳақида гапиришмайди, невараларим бунга қизиқмайди ҳам”, — дейди актёр.
Афсуски, бу йил Робертга нафақат оталик бахтини, балки йўқотишнинг аччиқ аламини ҳам келтирди: 8 июль куни 79 ёшли бобо 17 ёшдаги набираси — Дренанинг ўғли Леандрони дафн этишдек аччиқ азобни бошдан кечирди. Миш-мишларга кўра, йигит ошириб юборилган дозадан вафот этган. Аммо онаси ўғлини қасддан муддати ўтган ноқонуний дорилар билан заҳарлашган бўлиши мумкинлигини истисно қилмади.
“Менинг ширин фариштам. Сени ичимда ҳис қилган пайтимдан сўзсиз севдим. Сен менинг қувончим, юрагим ва ҳаётимдаги ҳамма нарсам эдинг. Ҳозир ҳам сен билан бирга бўлишни хоҳлардим. Сенсиз қандай яшашни билмайман. Сени жуда яхши кўришди ва қадрлашди. Қанийди меҳримиз сени қутқарса. Мен жуда афсусдаман, болам, жуда афсусдаман. Охиратинг обод бўлсин, жон болам”, деб ёзади актёрнинг қизи ижтимоий тармоқларда.
Изоҳ (0)