Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири томонидан 8 август куни ўтказилган йиғилишда Андижон тиббиёт институтининг қатор раҳбарлари лавозимидан озод этилди.
Вазирлик матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда Андижон давлат тиббиёт институтидаги коррупсион ҳолатлар танқид остига олиниб, олий ўқув юрти масъулларига бу борада жиддий эътирозлар билдирилди.
Якунда институт бош ҳисобчиси А.Раҳмонов, Кадрлар бўлими бошлиғи Д.Назарова, Режа-молия бўлими бошлиғи А.Аҳмедова, Таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Х.Алиев, Ўқув-услубий бошқарма бошлиғи Қ.Юсупов зиммасига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармагани, ўз фаолиятида жиддий камчилик ва қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйгани сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.
Шунингдек, институт ректори М.Мадазимовни коррупсион ҳолатларни юзага келишига сабаб бўлувчи ҳолат ва шарт-шароитларни бартараф этишда қатъиятсизлик кўрсатгани ва коррупцияга оид жиноят содир этилишига йўл қўйгани сабабли эгаллаб турган лавозимидан озод этиш бўйича таклиф тайёрлаш белгиланди.
Июль ойида Андижон давлат тиббиёт институти декани ўринбосари А.Н. ҳамда кафедра ассистенти К.Х. фуқароларни ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, улардан пора олган вақтда қўлга олинганди. Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан ушбу институт ходимлари томонидан содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни ўрганиш юзасидан вазирликнинг ишчи гуруҳи тузилиб, хизмат текшируви тайинланганди.
Изоҳ (0)