Ўзбекистоннинг расмий захира активлари июль ойида 71,8 млн долларга камайиб, 2023 йил 1 август ҳолатига кўра, 33 млрд 648,5 млн долларни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Захиралар кетма-кет тўртинчи ой камаймоқда — майда расмий захира активлари 837,9 млн долларга, июнда эса 649 млн долларга камайганди.
Маълум қилинишича, мамлакатдаги олтин захираси 67,1 млн долларга камайиб, 23 млрд 20 млн долларни ташкил этмоқда. Қимматбаҳо металлнинг ҳажми ҳам 0,3 млн трой унцияга (9,33 тонна) камайиб, 11,8 млн трой унциясини (тахминан 367,02 тонна) ташкил этди.
Ўзбекистон ўтган январь–апрель ойларида 3 млрд доллардан ортиқ олтин экспорт қилган. Апрель ойида Ўзбекистон олтин экспортини 650 млн долларгача қисқартирди. Хорижга қимматбаҳо металл етказиб беришнинг умумий ҳажми 3,06 млрд долларни ташкил этди.
Олтин захиралари нима учун керак?
Оддий тил билан айтганда, бу суғурта, давлатнинг “хавфсизлик ёстиғи”. Захиралар дунёнинг деярли барча мамлакатларида фавқулодда вазиятлар учун мавжуд.
Захиралар, одатда, юқори ликвидли, яъни тез сотиладиган активларда сақланади. Олтин ва хорижий валюта ушбу талабларга жавоб беради — улардан исталган вақтда қарз тўлаш ёки инвестициялар учун фойдаланиш мумкин.
2017 йилгача Ўзбекистон захиралари тўғрисидаги маълумотлар жамоатчиликка эълон қилинмас эди. Ўша йилнинг ноябрь ойида захиралар 26 миллиардни ташкил этиши маълум бўлган.