Президент томонидан имзоланган қонун билан Ўзбекистон ҳамда Покистон ҳукуматлари ўртасида ҳарбий-техникавий соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги битим ратификация қилинди, деб хабар бермоқда Telegram’даги “Ҳуқуқий ахборот” канали.
Икки давлат ўртасида ҳарбий-техникавий соҳада ҳамкорлик тўғрисидаги битимни (Исломобод, 2022 йил 3 март) ратификация қилиш ҳақидаги қонун Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиб, маъқулланганди.
Битимнинг асосий мақсади тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик тамойили асосида икки мамлакат ўртасида ҳарбий-техникавий соҳада ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳисобланади.
Сенаторлар ратификация қилиш учун тақдим этилган битимнинг аҳамиятини юқори баҳолаб, Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ҳарбий-техникавий соҳадаги ҳамкорлик икки давлат қуролли кучларининг мудофаа салоҳиятини янада ошириш ва минтақавий хавфсизлик асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаганди.
Шунингдек, битимнинг қабул қилиниши икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга янги туртки беришини ва давлатлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этганди.
Изоҳ (0)