Эрон Россия ва Беларусда ўзининг лицензияси остида дронларни ишлаб чиқариш учун заводлар қуришни режалаштирмоқда. Америка урушни ўрганиш институти (ISW) тегишли ҳисоботни эълон қилди.
Таҳлилчиларга кўра, бу Россия учун Украинага қарши ҳужумда дронлар олишни осонлаштиради, бироқ Эрон ҳам бу келишувдан фойда кўради.
Таҳлилчилар 1 август куни Теҳронда Эрон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Муҳаммад Бағирийнинг Беларусь мудофаа вазири Виктор Хренин билан учрашувига эътибор қаратди. Улар Эрон ва Беларусь ўртасидаги мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини эълон қилиб, тегишли келишувни имзолади.
ISW’га кўра, Хренин эронликлар билан Беларусда Shahed камикадзе дронларини ишлаб чиқарадиган заводлар қурилиши тафсилотларини муҳокама қилган. Эронлик муҳандислар май ойида Гомелдаги заводларни дронлар ишлаб чиқарадиган корхоналарга айлантириш имкониятларини ўрганган.
Июнь ойида эса Байден маъмурияти Эрон Россияга Татаристонда дрон заводи қуришда ёрдам бераётгани ҳақида хабар берган.
Тадқиқотчилар Россияда завод яратишдан нафақат Кремль, балки Эроннинг ўзи ҳам фойда кўришини айтмоқда. Жумладан, Эрон иқтисодиёти учун даромад олишдан манфаатдор.
“Ҳозир Эрон оғир иқтисодий шароитларни бошидан кечирмоқда, мамлакатда инфляция даражаси тахминан 47,5 фоизни ташкил этади. Россия ҳам Эрон армиясига фойда келтириши мумкин”, — дейди таҳлилчилар.
Эронга қандай ҳарбий ёрдам кўрсатилиши мумкинлиги тўлиқ аниқ эмас. Ўтган йили ОАВ Эрон дронлар эвазига Россиянинг Су-35 қирувчи самолётларини олиши мумкинлигини тахмин қилган, аммо ҳозир бу версиянинг эҳтимоли кам.
Март ойида Ғарб ОАВлари Россия Эронга дронлар эвазига илғор разведка дастурлари, жумладан “киберқуроллар”ни тақдим этгани ҳақида хабар берган. Шунингдек, Россия Украинада қўлга киритилган Ғарб қуролларини Эрон билан баҳам кўраётгани хабар қилинган. Охирги вариант Исроил расмийларини ташвишга солмоқда.
Изоҳ (0)