Самарқандда Франция альянси филиалини очиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу масала Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Францияга ташрифи чоғида мамлакат ТИВ бош котиби А.Декот билан учрашувда кўриб чиқилган.
Суҳбат давомида томонлар сўнгги йилларда Франция ва Ўзбекистон ўртасида фаол сиёсий мулоқот ўрнатилганини, икки томонлама муносабатлар эса мутлақо янгича мазмун касб этганини таъкидлаган.
“Шу муносабат билан томонлар Самарқандда ўзбек ёшлари салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган Франция альянси филиалини очиш имкониятларини муҳокама қилдилар. Қайд этилганидек, франциялик мутахассислар томонидан Ўзбекистонда француз тилини ўқитишни такомиллаштириш бўйича ўқув дастурлари ишлаб чиқилган”, — дейилади хабарда.
2023 йилнинг бошларида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Орелия Бушез билан бўлиб ўтган учрашувда ҳам Самарқандда Француз альянсини очиш бўйича ўзаро фикр алмашилганди.
Шавкат Мирзиёев 2021 йилда ўтказилган йиғилишда “Чет тилларини ўқитишда нодавлат таълим муассасалари ва Британия кенгаши, Гёте институти, Француз альянси, КОИКА, ЖАЙКА, Конфуций институти каби хорижий шериклар билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарур”лигини таъкидлаганди.
Изоҳ (0)