Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Ўзбекистон сайланган президенти Шавкат Мирзиёев тантанали қасамёд қилиб, ўз лавозимига киришди. Тантанали тадбирда сўзга чиққан давлат раҳбари демократия ва очиқлик сиёсати изчил давом эттирилишини маълум қилди.
Президент бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт билан бирга аждодларнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятга таянилишини таъкидлади.
“Сайловолди учрашувларида миллий ўзлигимиз ва эзгу қадриятларимизни асраб-авайлаш, маданият, маънавият ва маърифат соҳаларини ривожлантириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш бўйича белгилаб олган вазифаларни сизлар билан, кенг жамоатчилик билан биргаликда амалга оширамиз.
Ўзбекистонда барча сиёсий ҳуқуқлар қаторида виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатлари сўзсиз таъминланади. Биз демократия ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб, конструктив мухолифат фаолиятини, сўз ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини кафолатлаймиз.
Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг қайси ўлкаси ёки минтақасида бўлмасин, қонунларимиз ҳимоясида бўлади. Чет элдаги ватандошларимиз билан алоқаларни янада мустаҳкамлаймиз” — деди президент.
2019 йил якунида Шавкат Мирзиёев мамлакат ичида сиёсий мухолифат пайдо бўлиши, халқнинг барча муаммоларини билиши учун шароит яратиш зарурлигини таъкидлаганди.
Изоҳ (0)