UzAutoMotors июль ойи бошида Асакадаги заводда модернизация ишлари олиб борилиши сабаб автомобиль ишлаб чиқариш вақтинча тўхтатилиши эълон қилганди.
Компания вакилининг “Дарё”га маълум қилишича, заводда автомобиль ишлаб чиқариш 17 июль (душанба) кунидан бошланиши режалаштирилган. Ҳозирда модернизация ишлари давом этмоқда.
Аввалроқ UzAutoMotors ўз баёнотида модернизация натижасида автомобиль ишлаб чиқариш қувватлари оширилишига урғу берганди.
“Ушбу модернизация Chevrolet Cobalt автомобилларининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини қўшимча 30 минг донага ошириш имконини беради”, — дея хабар қилган компания.
Аввалроқ жорий йилнинг январь—май ойларида энг кўп ишлаб чиқарилган автомобиль Cobalt (39 минг 264 дона) бўлгани хабар қилинганди. Кейинги ўринларда Lacetti (27 минг 961 дона) ва Damas (26 минг 815 дона) ишлаб чиқарилган. Бироқ мазкур автомобиллар сотувда мавжуд эмас. UzAuto Motors 2022 йил 17 декабрда Cobalt, Lacetti, Damas автомобиллари сотувини тўхтатган. Компания 2023 йилдан Spark ва Nexia ўрнига Tracker ва Onix ишлаб чиқаришини маълум қилган.
Изоҳ (1)
изох колдриш килиб жуда яхши килибсизлар