“Тошкент шаҳар Чилонзор туманининг саноат салоҳияти ва инвестиция жозибадорлигини оширишга доир қўшма чора-тадбирлари тўғрисида”ги президенти қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Чилонзор тумани “Бешқўрғон” ва “Тирсакобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида жойлашган 320 гектар майдонда 30 йил муддатга кичик саноат зонаси мақомидаги “Индустриал ҳудуд” ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Шунингдек, пойтахт ҳокимлигининг “Бунёдкор” стадиони автотураргоҳининг жами 5,5 гектар ер участкасида қиймати камида 200 миллион доллар бўлган меҳмонхона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўп квартирали уйлар ва кўп қаватли автотураргоҳни ўз ичига олган замонавий ишбилармонлик марказини қуриш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Бундан ташқари, 2023—2024 йилларда Бўрижар каналининг икки ёни ободонлаштирилиб, гастрономик сайилгоҳ ташкил этилади. Бунга бюджетдан 40 миллиард сўм ссуда ажратилади. Анҳор каналининг Кичик ҳалқадан Наққошлик кўчасигача бўлган қисми — 1,7 километрда сайилгоҳ ташкил этилади (17 миллиард). Қонқус каналининг 4,1 километр қисмида ҳам сайилгоҳ ташкил этилади (28 миллиард).
“Бунёдкор” стадиони
“Бунёдкор” стадиони 34 минг томошабинга мўлжалланган бўлиб, у 2012 йил августда фойдаланишга топширилган (қурилиш ишлари 2009 йилда бошланган эди). Стадионнинг очилиш маросими 2012 йил 28 сентябрда бўлиб ўтган.
“Бунёдкор” стадионидаги илк расмий ўйин эса 2013 йил 26 мартда Ўзбекистон ҳамда Ливан терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтган.
2018 йилда ЎФА ташаббуси билан “Бунёдкор” деб атаб келинган ўйингоҳ номи “Миллий стадион”га ўзгартирилганди. Ўша вақтда арена Ўзбекистон миллий ва Олимпия терма жамоаси иштирокидаги ҳамда халқаро мақомдаги ўйинларга мезбонлик қилиши ва мамлакатнинг бош ўйингоҳига айланиши айтилганди. 2021 йил 30 апрель куни эса стадион пештоқидан “Миллий” номи олиб ташланган ва “Бунёдкор” сўзи ўрнатилган.
Изоҳ (0)