Ўзбекистонда 20 июндан олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш жараёнлари бошланиши кутилмоқда. Бироқ ҳали квоталар эълон қилинмади.
Қоидага кўра, президент қарори билан давлат буюртмаси параметрлари тасдиқлангандан кейин Давлат қабул комиссияси квотани қайта тақсимлаши керак бўлади. ОТМларга ҳужжат топшириш бошланишига 4 кун қолди, аммо квоталар ҳали эълон қилинмади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг “Дарё”га маълум қилишича, квоталар қабул бошлангунча (20 июнгача) эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда ОТМларга қабул квоталари 15 июнда тасдиқланганди. Натижада ҳужжат қабул қилиш жараёнлари одатий 15 июндан эмас, 20 июндан бошланадиган бўлган. 2021 йилда квоталар 22 июнда тасдиқланган ва шу кундан қабул бошланган.
Маълумот учун, 2022 йил 15 июндаги президент қарорига асосан, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб давлат ОТМларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари фақат давлат гранти бўйича тасдиқланади. Қарорда шунингдек, давлат ОТМларига (молиявий мустақиллик берилган ОТМлари бундан мустасно) тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари ҳар йили 20 июнга қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгиланган.
Изоҳ (0)